ЎЗБЕКИСТОНДА РАҚАМЛИ ИҚТИСОДИЁТНИ РИВОЖЛАНИШ ТЕНДЕНЦИЯЛАРИ ВА ХУҚУҚИЙ- НОРМАТИВ АСОСЛАРИ

 

1. Рақамли иқтисодиёт ва иқтисодий ўсиш

Ривожланган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, уларнинг иқтисодий ўсиши, авваламбор, билимлар ва интеллектуал потенциал ҳисобига амалга оширилмоқда. 1962 йилда австриялик олим Ф.Махлуп томонидан “билимлар иқтисодиёти” ибораси илк бор амалиётга киритилиб, унинг остида миллий иқтисодиётнинг бирор-бир сектори тушунилган.

Ҳозирги кунда эса ушбу ибора миллий иқтисодиётнинг турини аниқлаш учун қўлланилиб, унда билимлар асосий роль ўйнамоқда. Иқтисодий ўсишнинг манбаи бўлиб эса билимларни ишлаб чиқиш ва улардан самарали фойдаланиш ҳисобланмоқда. Билимлар иқтисодиётининг шаклланиб бориши жараёнларини давлатдаги иқтисодиёт ва институционал ҳолат индекси, билимлар индекси, инновациялар индекси, таълим индекси ва АКТ индекслари асосида кузатиб бориш мумкин. Шунинг учун ҳам билимларга қилинаётган инвестициялар миқдори асосий фондларга қилинаётганларга нисбатан ўсиб бормоқда. Билимлар маҳсулотдир, бир томондан, шахсий бўлиб, бошқа томондан эса жамоавийдир, яъни улардан барча кишилар фойдаланишлари мумкин.

 

Иқтисодий ўсиш маълум бир давр мобайнида миллий иқтисодиётдаги маҳсулот ва хизматларни ишлаб чиқиш ҳажмининг юксалиб боришидир. Унда кўпгина омиллар ўз аксини топади, яъни миллий ресурслардан рационал фойдаланиш, иқтисодиётнинг барча даражаларини самарали бошқариш, юқори даражадаги рақобатбардошликни нафақат ички бозорда, балки глобаллашув жараёнлари талабларидан келиб чиққан ҳолда ташқи бозорда ҳам таъминлаш керак.

Иқтисодий ўсишнинг мутлақ кўрсаткичлардаги ифодасини ЯИМ, миллий даромад, миллий бойлик, давлатнинг тўлов баланси ва олтин-валюта захиралар юксалишида кўриш, нисбий миқдорий иқтисодий кўрсаткичлардаги ифодасини эса аҳоли жон бошига ЯИМ, аҳоли даромадлари, истеъмол миқдори, жамғармалар, инвестициялар тўғри келиши билан изоҳлаш мумкин.

Ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий ўсишини аниқлашда сифат кўрсаткичлари хам муҳим роль ўйнайди. Унга аҳолининг билимлилик даражаси, саломатлиги, миллий иқтисодиётнинг тармоқ бўйича таркибланиши, жамиятнинг инфратузилмавий ривожланиш даражалари киради. Бундан ташқари иқтисодий ўсиш аҳолининг турмуш сифати ва даражаси ўсиши билан хам яқиндан боғлиқ бўлиб, у ўз ўрнида яшаш давомийлиги ўсиши, тиббий хизмат сифати юксалиши, замонавий таълим олиш имкониятлари, иш куни давомийлиги қисқариши, фуқаролар хавфсизлиги ва ҳоказолар билан ифодаланади.

Шуни таъкидлаб ўтишимиз мумкинки, ҳозирги даврда иқтисодий ўсиш омилларидан бўлиб меҳнат, капитал, технологиялар, ер ва ахборот- коммуникация технологиялари ҳисобланмоқда.

Ҳозирги кунда ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси глобал инновацияларни кенг жорий этиш асосида кўпгина давлатлар иқтисодий ўсишини таъминлашнинг асосий йўналишларидандир. Миллий иқтисодиётнинг ушбу соҳаси кўпгина давлатларда эндигина шаклланмоқда, лекин ривожланган давлатларда эса у иқтисодий ўсишнинг локомотиви бўлиб хизмат қилмоқда. АКТ меҳнат унумдорлигини юксалтириш ва бошқа барча ресурслардан оптимал фойдаланишнинг асосий омили бўлиб, замонавий иқтисодиётда аҳамиятли ресурсларга айланмоқда.

 

АКТ маҳсулотларини оммавий ишлаб чиқариш билан, асосан, Малайзия, Сингапур, Корея Республикаси, Хитой каби саноатлашган давлатлар шуғулланаётган бўлса, уларнинг истеъмолчилари эса ривожланаётган мамлакатлар ҳисобланмоқда. АКТ самарадорлиги индекси бўйича эса дунёда Швеция, Сингапур, Финляндия, Швейцария, АҚШ, Дания ва Канада мамлакатлари илғорлик қилишмоқда. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, АКТнинг самарадорлик индекси бозор муҳити, уни тартибга солиш муҳити, инфратузилма, аҳоли тайёргарлиги, бизнеснинг тайёргарлиги, АКТдан аҳоли, бизнес ва давлатнинг фойдаланиш даражалари билан ифодаланади.

 

АКТ олдинги технологияларга нисбатан бир қатор ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради. Уларнинг иқтисодий ўсиш ва миллий иқтисодиётга таъсири сифат жиҳатдан бошқача тусда бўлади. Авваламбор, АКТни тарқатиш ва ундан фойдаланиш глобал характерга эга. Бу технология унумдорлиги ва иқтисодий самарадорликни юксалтириш мумкин бўлган барча соҳаларда қўлланилади, жумладан, бошқарув соҳасида ҳам.

Бошқарув ва бизнес жараёнларида АКТдан самарали фойдаланаётган мамлакатларнинг тажрибаси жуда ҳам эътиборлидир. Сингапур давлати дунёда биринчи бўлиб оптик толали тармоқ билан барча соҳаларини 100 % таъминлади, Швеция давлатида 2012 йилда барча компания ва уй хўжаликлари оптик тола билан 100 % қамраб олинди. Ушбу технологик ёриб ўтиш уларнинг иқтисодий ўсишида асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда.

 

АКТнинг иқтисодий ўсишга таъсирини бевосита ва билвосита самарадорлик асосида аниқлаш мумкин. Бевосита самарадорлик ушбу соҳа инфратузилмасига қилинаётган инвестициялар, ахборот хизматларининг кенг кириб келиши ва АКТ соҳасидаги бандликнинг юксалиши билан ифодаланади. Ушбу соҳанинг иқтисодиётга тўғридан-тўғри таъсири АКТ мамлакатнинг узоқда жойлашган ҳудудларигача кириб бориши билан боғлиқдир. АКТга қилинаётган инвестициялар ўз ўрнида янги иш ўринларини яратишга олиб келиб, турмуш сифатини ҳам юксалтиради.

 

АКТга қилинаётган инвестициялар ривожланган ва ривожланаётган давлатлар иқтисодиётини янада юксалтиришнинг асосий омилларидан ҳисобланмоқда. АКТ тармоғи ривожланган давлатларда рақобатбардошлик даражаси ҳам юқори бўлиб, улар истиқболда иқтисодиётдаги самарадорликни оширмоқда. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, АКТга қилинадиган инвестициялар мамлакатнинг макроиқтисодий кўрсаткичларига ҳам ижобий таъсирини кўрсатмоқда. 7.1-расмдан кўриниб турибдики, АКТга инвестициялар миқдорини 10 %га оширганда, ЯИМ Буюк Британияда 0,6 %га, Австралияда 0,8 %га, Янги Зеландияда 0,9 %га, Малайзияда 0,14 %га ортган. Ушбу кўрсаткич дунё мамлакатлари бўйича ўртача 0,7 %ни ташкил килган.

 

АКТ секторининг билвосита самарадорлиги меҳнат унумдорлигининг ортиши, АКТ потенциали юқори бўлган мамлакатларда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўсиши, инновацион кластерлар шаклланиши ва ахборот хизматлари экспорти юксалиши билан ифодаланади. АКТ омилининг иқтисодий ўсишга таъсири даражаси АКТ бозори, мобил алоқа, кенг полосали Интернет ва шахсий компьютердан фойдаланиш миқёси ва уларнинг давлат даражасида жорий қилиниши интенсивлигига ҳам боғлиқ.

 

 

1-расм. АКТга инвестицияларни 10 %га оширганда,
ЯИМнинг ўсиши ҳолати[1]

 

АКТ ривожланишининг юқори тезликда бўлиши уларни жорий этиш ва фойдаланиш харажатлари жуда ҳам паст эканлигига ҳам боғлиқ. Шунинг учун ҳам анъанавий технологияларга нисбатан АКТдан олиниши мумкин бўлган иқтисодий самарадорлик тезкор ва катта ҳажмда бўлиши мумкин.

Ахборот-коммуникация технологиялари асосида иқтисодий ўсиш ва жамият ижтимоий ривожланишининг асосий йўналишлари қуйидагилар ҳисобланади:

Ø АКТ секторининг юқори суръатларда ўсиши;

Ø бозор ва субъектлар бошқаруви самарадорлигига АКТнинг ижобий таъсири;

Ø таълим сифати юксалиши ва оммабоплиги ўсиши;

Ø давлат бошқаруви самарадорлиги юксалиши ва фуқаролик жамияти ривожланишини таъминловчи ижтимоий институтларга АКТнинг жиддий таъсири;

Ø жаҳон иқтисодиётига интеграциялашув жараёнларининг рағбатлантирилиши ва тезлашиши;

Ø банк тизимининг ривожланиб боришига кенг кўмаклашиш. Ҳозирги кунда компьютерлаштириш инсон фаолиятининг барча соҳаларини кенг қамраб олиб, ахборот майдонини кенгайтиришга ёрдам бермоқда. Энди замонавий жамиятни АКТнинг таъсирисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Дунё ҳудудлари бўйича АКТдан фойдаланиш даражаси кўрсаткичларига кўра, Шимолий Америка давлатларининг бошқарув ва хўжалик субъектлари ҳамда уй хўжаликларида улардан фойдаланиш бўйича анча юқори (1-жадвал). Уларда кенг полосали Интернет билан уй хўжаликларининг 85 %и, мобил алоқа билан аҳолининг 72 %и, уй хўжаликларининг 93%и эса шахсий компьютерлар билан таъминланган.

 

Дунёнинг турли ҳудудларида АКТ тарқалиши, %

Ҳудудлар

Уй хўжаликлари-нинг кенг поло-сали интернет билан таъминла-ниши

Аҳолининг мобил алоқа билан таъмин-ланиши

Уй хўжаликлари-нинг шахсий компьютер билан таъминланиши

Шимолия Америка

85

72

93

Ғарбий Европа

62

83

64

Шарқий Европа

32

66

25

Лотин Америкаси

29

66

21

Тинч океан ҳавзаси

17

48

14

Африка

11

37

8

 

 

Таҳлилларга кўра, Ғарбий Европа давлатлари ҳам АКТдан фойдаланиш бўйича анча юқори кўрсаткичларга эга. Шарқий Европа ва Лотин Америкаси давлатлари бу борада эришган кўрсаткичлар эса деярли бир хил даражада. Иқтисодий жиҳатдан ривожланмаган Африка давлатлари бу соҳада ҳам ривожланган давлатлардан бир неча баробар ортда қолган.

Миллий иқтисодиётни ахборотлаштиришда уй хўжаликларининг ўрни ҳам муҳим. Шахсий компьютерлар билан 100 та уй хўжалигидан Россия Федерациясида 64 таси, Украинада 28 таси, Арманистонда 29 таси, Ўзбекистонда 25 таси, Озарбайжонда 9 таси, Қирғизистонда 5 таси таъминланган.

АКТ ривожланиши ва ундан кенг фойдаланиш жаҳон тараққиётининг охирги йиллардаги глобал тенденцияларидан ҳисобланмоқда. Динамик равишда ривожланиб келаётган ҳозирги дунёда АКТ миллий иқтисодиётнинг локомотиви ролини ўйнаб, мамлакатга инвестицияларни киритишга, янги иш ўринларини яратишга, истиқболли технологияларни ишлаб чиқариш ва бошқарувга киритишга, охир-окибатда доимий иқтисодий ўсиш ва турмуш даражасини юксалтиришга кўмак бермоқда. Шу боисдан ҳам жамият ҳаётининг турли жабҳаларига АКТни жорий қилиш ва ундан фойдаланиш даражаси давлат ижтимоий ва иқтисодий ривожланишининг ҳал қилувчи омили бўлмоқда.

Республикамизда истиқболдаги иқтисодий ўсишнинг асосий омиллари тарзида қуйидаги йўналишлар белгилаб олинган:

Ø миллий иқтисодиётни фаол таркибий қайта қуриш;

Ø хомашё экспорт қилишдан юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотлар экспортига босқичма-босқич ўтиш;

Ø иқтисодий эркинлаштиришни давом эттириш ва иқтисодиётда давлатнинг улушини камайтириб бориш;

Ø молиявий секторни янада ривожлантириш;

Ø билимлар иқтисодиётини шакллантириш учун инсон капиталига инвестицияларни ошириш;

Ø жамиятни кенг ахборотлаштиришни таъминлаш;

Ø инновацион институтларни ташкил қилиш;

Ø ҳудудларни комплекс ривожлантириш.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, билимлар иқтисодиётини шакллантириш ва ахборотлаштириш жараёнларини кенг кўламда амалга ошириш иқтисодий ўсишимизнинг асосий омилларидан ҳисобланмоқда.

АКТ соҳасида республикамизда фаолият кўрсатаётган корхоналар ҳисоблаш техникаларини ишлаб чиқариш (75 та корхона), ахборот ташувчи воситалар ишлаб чиқариш (2 та), дастурий воситаларни лойиҳалаштириш ва ишлаб чиқиш (371 та), ахборот-ҳисоблаш хизматлари (910 та), Интернет ва компьютер тармоқлари орқали хизмат кўрсатиш бўйича (2426 та) шуғулланишмоқда.

Дунёнинг 246 мамлакатида рақамлаштириш бўйича олиб борилган кенг кўламли тадқиқотларга кўра, 2019 йил маълумотларига асосан турли мамлакатларда рақамли иқтисодиётнинг ривожланиш кўрсаткичлари тенденцияси турлича (2-жадвал).

 

Бир қатор давлатларда рақамли иқтисодиётнинг
ривожланиш кўрсаткичлари[2]

Кўрсаткичлар

Мобил абонентлар, жами аҳолига нисбатан %

Интернет фойдаланувчи-лар

Ижтимоий ОАВларнинг фаол фойдаланувчилари

Мобил ижт. медиа фойдаланувчилари

Млн.

%

Млн.

%

Млн.

%

Млн.

%

Дунё

8842

115

4388

57

3484

45

3256

42

Афғонистон

28,82

78

9,7

26

3,8

10

3,6

9,8

Хитой

1543

109

802

57

1007

71

1007

71

Германия

107,8

131

79,13

96

38

46

30

36

Ҳиндистон

1190

87

560

41

310

23

290

21

Эрон

123,7

150

72,94

89

47

57

41

50

Япония

186,3

147

118,9

94

78

61

78

61

Қозоғистон

25,69

139

14,14

69

7,3

39

3,6

19

Қирғизистон

9,38

152

2,49

40

1,8

29

0,96

16

Монголия

4,19

133

2,2

70

2,2

70

2,1

67

Россия

248,2

172

109,6

76

70

49

57,75

40

Тожикистон

9,9

108

3,01

33

0,44

4,8

0,24

2,6

Туркманистон

4,48

76

1,06

18

0,042

0,7

0,021

0,4

БАА

19,23

200

9,52

99

9,52

99

8,8

92

Буюк Британия

71,76

107

63,43

96

45

67

39

58

АҚШ

347,4

106

312,3

95

230

70

200

61

Сурия

13,61

74

6,03

33

6,8

37

6,49

35

Ўзбекистон

24,84

76

15,45

47

2,0

6,1

1,0

3,1

 

 

АКТнинг давлат макроиқтисодий кўрсаткичларига таъсири, авваламбор, микродаражадаги бошқарув ва хўжалик субъектларининг улардан фойдаланиш даражасига тўғридан-тўғри боғлиқ. Республикамиз йирик тижорат корхоналари мисолида ахборотлаштириш жараёнларини таҳлил қиладиган бўлсак, АКТнинг асосий таркибий қисмларидан ҳисобланмиш шахсий компьютерлар сони 2010 йилда 380929 та бўлган бўлса, 2019 йилда 987767 тани ташкил қилди, яъни 3,6 мартага ўсган. Ўзбекистон Республикасида 2019 йилда ахборот ва алоқа хизматлари билан банд бўлганлар сони йилдан-йилга ошиб борган. Мамлакатда 325,5 минг фаолият олиб борувчи корхона ва ташкилотлардан хизмат кўрсатиш соҳасида ҳаммаси бўлиб 213 мингтаси иш олиб борган, бу 65,8 %ни ташкил этган (3-жадвал).

Ўзбекистон Республикасида “Ахборот ва алоқа”да
банд бўлганлар сони динамикаси

Йил

“Ахборот ва алоқа”да банд бўлганлар сони динамикаси, минг киши

Рўйхатдан ўтган /фаолият олиб борувчи корхоналар сони, минг

2010

53,1

 Ахборот йўқ

2011

54,7

Ахборот йўқ

2012

56,3

Ахборот йўқ

2013

58,0

Ахборот йўқ

2014

59,8

Ахборот йўқ

2015

61,7

Ахборот йўқ

2016

63,6

Ахборот йўқ

2017

64,3

6800

2018

66,1

7400

2019

68,9

8200

 

Таҳлилларга кўра, интернет тармоғидан республикадаги тижорат корхоналари ҳам ўз фаолиятида кенг фойдаланишмоқда (1.6-жадвал).

 

Рақамли иқтисодиётнинг шаклланиш ва
 ривожланиш кўрсаткичлари (2018 йил)

Кўрсаткичлар

Ўзб

МДҲ

Жаҳон

Хитой

Стационар телефон алоқаси (ҳар 100 кишида)

11,3

20,7

13,6

14,7

Мобил алоқа (ҳар 100 кишида)

77,3

141,2

101,5

96,9

Фаол мобил тармоқ алоқаси (ҳар 100 кишида)

55,9

59,7

52,2

69,1

3 G доираси (умумий алоқага нисбати)

45,3

77,1

85

98

LTE/WiMAX доираси (умумий алоқага нисбати)

16,9

45,9

66,5

97

Мобил алоқа нархи (ЯМД нисбати)

2,3

1,7

5,2

0,6

Мобил тармоқ нархи 500MB (ЯМД нисбати)

3,3

1,4

3,7

0,7

Мобил тармоқ нархи 1G (ЯМД нисбати)

16,7

3,1

6,8

1,1

Компьютер мавжуд бўлган хўжаликлар сони (ҳар 100 хўжаликдан)

43,9

67,4

46,6

52,5

Интернетга уланган хўжаликлар фоизи, %

75,4

68

51,5

55,5

Интернетдан фойдаланувчилар фоизи, %

46,8

65,1

45,9

53,2

Фойдаланувчи учун интернет тармоқ тезлиги (kbit/s)

5,7

59

74,5

14,7

Манба:htpp://www.itu.int/eng/ITU-D/

 

Жадвал маълумотларидан кўриниб турибдики, республикада ахборот коммуникация технологиялари ва интернет тизимини ривожлантиришга берилган катта эътибор туфайли соҳа тез ривожланмоқда. Аммо интернет тармоғининг тезлиги, мобил алоқа ва мобил тармоғи нархи, мобил алоқа мавжудлиги бўйича жаҳонда ва Мустақил давлатлар ҳамдўстлигида орқада бормоқда. Провайдерлар ва операторларнинг асосий қисми Тошкентда жамланган бўлишига қарамай, республика ҳудудларида, айниқса, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида уларнинг сони муттасил ошиб бориши кузатилмоқда. Бу эса бозорнинг ушбу сегментида рақобатнинг кучайиб бораётганидан далолат бермоқда. Каналларнинг ўтказувчанлик лаёқати кўпайиши ва операторлар ҳамда провайдерлар сони ортиши баробарида Интернет тармоғига коммуникацияланган ва кенг тармоқли фойдаланиш тизими абонентлари жадал суръатлар билан ошиб бормоқда.

Мамлакатда Интернет тармоғидан жамоавий фойдаланиш шахобчалари сони ортиб бормоқда (ЖФШ). Бунга ушбу шахобчалар фаолиятини лицензиялаш жараёнининг соддалаштирилиши ёрдам бермоқда. Интернет тармоғида уланиш учун Wi-Fi технологиясидан фойдаланиш ҳам кенгаймоқда. Тажриба тариқасида фойдаланиш натижаларига кўра, Давлат радиочастоталар комиссияси томонидан республикада WiMAX технологияси бўйича кенг тармоқли симсиз фойдаланиш тармоқларини ривожлантириш мақсадида ҳар бир опреторга частоталар тармоқли ажратиб берилган эди. Бу катта ҳудудларни қамраб олиш билан бирга симсиз тармоқларни яратиш имконини беради (50 километргача). Бунда маълумотларни узатиш тезлиги 32 дан 135 Мбит/с гачани ташкил этади. Шу билан бирга, Wi-Fi технологияси бўйича симсиз фойдаланиш тармоқларини ривожлантириш учун частоталар ажратиб берилган. Улар симсиз локал (офис ичидаги) тармоқларни яратишга ва Интернет тармоғига маълумотларни узатиш тезлиги 54 Мбит/с бўлган юқори тезликка эга симсиз уланишларни вужудга келтиришга мўлжалланган.

Wi-Fi технологиясидан фойдаланилган ҳолда Интернет тармоғига уланиш ҳудуди кенгайтирилмоқда. Натижада Wi-Fi фойдаланиш нуқталари сони ортади.

Рақамли иқтисодиёт ғояси Жаҳон банки томонидан 2016 йил “Жаҳон тараққиёти ҳақида маъруза – 2016: рақамли дивидендлар” маърузасида маълум қилинган. Жаҳон банки мамлакатда рақамлаштиришнинг очиқ маълумотлар, электрон ҳукумат тизими, “Яндекс” ва “Касперский” каби рақамли гигантлар, он-лайн-буюртма хизматлари, ахборот технологиялари ёрдамида мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш муддатининг 10 кунга қисқариши каби белгиларини кўрсатади.

Бундай шароитларда алоҳида компаниялар, минтақалар, мамлакатлар ва уларнинг бирлашмалари технологиялар, товарлар ва хизматларнинг янги турлари бозорларида янги шаклланадиган узоқ муддатли рақобатли устун­ликларни таъминлашга интилиб, рақамли иқтисодиёт соҳасида стратегик қарорлар шакллантириш ва амалга ошириш жараёнига фаол кириша бошлайди.

Шу билан бир пайтда алоҳида тармоқлар ва мамлакат минтақалари кесимида рақамли иқтисодиёт афзалликларини амалга ошириш оқибатларини баҳолаш билан боғлиқ қатор масалаларни ҳал қилиш зарур. “Рақамли иқтисодиёт реал воқеликни тўлдириб турадиган виртуал муҳитдир”.

Яқинда янгича: рақамли иқтисодиёт реал секторларни ривожлантиришга ундашга қодир бўлган аналогли иқтисодиётга қўшимча деган талқин пайдо бўлди.

Буюк Британия – рақамли иқтисодиёт соҳасида етакчилардан бири, ле­кин ўтган йили ушбу сектор улуши ЯИМ атиги 12 %ни ташкил қилди, рақамли иқтисодиётнинг ривожланиш даражаси моддий иқтисодиётнинг ривожланиш даражаси билан тўғридан-тўғри боғлиқ: реал иқтисодиётда қа­ерда юқори бўлса, ўша ерда рақамли сегментни ривожлантириш мақсадга мувофиқ.

Ғарб мамлакатлари экпертлари рақамли технологиялар иқтисодиёт cубъектлари ва бошқарув ўртасидаги муносабатларни созламасдан иш бермаслиги борасида якдил фикр билдирадилар.

Ғарб бизнеси янги коммуникация воситаларини биринчилардан бўлиб, фаол ўзлаштириб олди, мумкин бўлган ҳамма нарсани рақамлаштирди, ҳукуматдан электрон рақамли имзони қонунчилик билан расмийлаштиришга эришди, нафақат бизнес-ҳамжамият ичида, балки давлатда ҳам рақамли алоқани йўлга қўйди, давлат идоралари ҳам ўз ахборот тизимларини аста-секинлик билан интеграция қилди. Иқтисодий “рақамлаштириш”нинг учта асосий таркибий қисми мавжуд:

·     биринчидан, ахборот тўплаш ва таҳлил қилиш. Бироқ маълумот­ларни тўғри топиш ва улар билан сифатли ишлаш учун бу мақсадда нима қилиш кераклигини тушуниш зарур;

·     иккинчидан, биринчи ўринда ишлаб чиқарувчи эмас, истеъмолчи турадиган эҳтиёжлар. Рақамли маълумотлар нуқтаи назаридан айнан эҳтиёжлар кўриб чиқилаётган тушунчада иқтисодиёт ўзини ифодалайди.

Фаол ахборотлаштириш истеъмолчилар хулқ-атворини ўзгартиради. Маркетинг аста-секинлик билан тўхтовсиз равишда иқтисодий ўзаро алоқаларнинг моҳиятига, ҳар бир кишини иқтисодий ўзаро алоқаларга киришишга мажбур қиладиган асосий ҳаракатлантирувчи куч – эҳтиёжларга яқинлашмоқда. Яъни биз оддийгина бир истеъмолни ҳар бир киши учун умумий қулайлик бошқариладиган ҳудудига ўтказишга қодир бўлган салоҳиятни қўлга киритамиз;

·     учинчидан, бошқарув. “Рақамли иқтисодиёт” атамасидаги учинчи унсур инсон кўзига кўринмайди. Бироқ бизнинг ҳолатда «машина нигоҳи»ни эътиборга олишга мажбурмиз. Шунда “рақамли” ва “иқтисодиёт” сўзлари орасидаги “кўринмас” бўшлиқни ифодалайди. Бу икки тушунчанинг барқарор уйғунлашуви туфайли, ҳатто, узлуксиз бўшлиқ ҳақида гапириш мумкин бўлади.

Бошқарув (профессионал кадрлар) ўзаро алоқаларни бошқариш малакали тизими бўлиб, назария ва амалиётда инсониятнинг ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондириш ишида маълумотлардан фаол фойдаланиш бўйича кенг кўламли фаолиятни прогноз қилиш, режалаштириш, ташкил қилиш, ижро этиш, назорат қилиш ва мувофиқлаштириши кўзда тутилган. Ва бу тизим бугунги кунда, афтидан, бунгача мисли кўрилмаган даражада ҳар томонлама – илмий, улубий, методологик, технологик, ахборот, инструментал, креатив ва ҳоказо қўллаб-қувватлашга эҳтиёж сезади.

Яъни мамлакатни ривожлантириш йўлларини ишлаб чиқиш учун маълумотлар тўплаш ва таҳлил қилиш асосида халқ хўжалиги мажмуини бошқариш умумий тизими бўлиши лозим.

Рақамлаштириш жараёни мамлакат иқтисодиётида кучайиб боради ва трансмиллий корпорацияларнинг мамлакатнинг минтақавий ва миллий иқтисодиётлари фаолиятидаги роли ортиб боради. Иқтисодиётнинг рақамли сегменти мамлакат иқтисодиёти ва жамиятида рўй берган сифат ўзгаришлари туфайли долзарб аҳамиятга эга бўлади. Янги технологиялар ва платформалар жисмоний шахслар ва корхоналар менежментига тобора катта кўламда ўзаро алоқаларда транзакция харажатларини қисқартириш ҳамда давлат тузилмалари ва хўжалик юритувчи объектлар билан мустаҳкам алоқаларни амалга оширишга имкон беради.

Шу сабабли иқтисодиётнинг барча соҳаларини рақамли технологиялар асосида янгилашни назарда тутадиган рақамли иқтисодиёт миллий концепциясини ишлаб чиқишимиз керак, – деб таъкидлайди Президентимиз Ш.М.Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида. Шу асосда “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастурини ҳаётга татбиқ этишимиз зарур. Натижада ЯИМни камида 30 фоизга ўстириш, коррупцияни кескин камайтириш имконини беради[3].

Шу сабабли рақамли иқтисодиёт АКТ хизматларининг кириб бориш даражаси юқори ва қатнашчилар сони кўп бўлган бозорларда энг самарали фаолият кўрсатади.

Биринчи навбатда, бу е-сегментнинг улуши ЯИМ 10 %ини ташкил қиладиган, бандлик 4 %дан юқори бўлган ва бу кўрсаткичлар яққол ўсиш тенденциясига эга бўлган интернетга қарам тармоқлар (транспорт, савдо, логистика ва ҳ.к.) билан боғлиқ. Технологик жиҳатдан рақамли иқтисодиётни тўртта тренд белгилаб беради: мобил технологиялар, бизнес-таҳлили, булутли ҳисоб натижалари ва ижтимоий медиа; глобал жиҳатдан – Facebook, Youtube, Тwitter, Instаgrаmm каби ижтимоий тармоқлар.

Бу эса шуни англатадики, миллий сегментни шакллантиришда уларнинг имкониятларидан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.

Шу билан бир пайтда миллий рақамли иқтисодиётга инвестициялар самарали натижасига эга бўлиш ва ундан дивидендлар олиш учун нафақат глобал тармоқлар нуқтаи назаридан АКТ-инфратузилмасини, балки “аналогли қўшимчалар” – қулай ишбилармонлик муҳити, салмоқли инсон капитали, тегишлича бошқарувни ҳам ривожлантириш зарур. Буларнинг кейингиси иқтисодий ўсишнинг пойдевори ҳисобланади, шу сабабли уларни чора-тадбирлар мажмуи ва устуворликларни аниқлаш, талаб қилинган инвестициялар ва максимал самара бериш, рискларни баҳолаш борасида аниқлаштириш, мутахассислар ва мамлакат иқтисодиётининг рақамли сегментини шакллантириш учун жавобгар бўлган давлат амалдорлари учун мураккаб ва долзарб муаммони ифодалайди.

Ҳозирги кунда дунёда рақамли иқтисодиёт ҳодисасини умумий бир тушуниш мавжуд эмас, шундай бўлса-да, кўплаб таърифлар мавжуд. Ушбу феноменга давлат томонидан берилган расмий таъриф қуйидагича: рақамли иқтисодиёт – уларни таҳлил қилиш натижаларидан фойдаланиш ва катта ҳажмда қайта ишлаш, анъанавий хўжалик юритиш шакллари билан таққослаганда, ҳар хил турдаги ишлаб чиқаришлар, технологиялар, асбоб-ускуналар, товарлар ва хизматларни сақлаш, сотиш ва етказиб бериш самарадорлигини жиддий равишда оширишга имкон берадиган рақамли кўринишдаги маълумотлар асосий ишлаб чиқариш омили саналган хўжалик фаолиятидир.

 

2.Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш
хусусиятлари, ҳуқуқий асослари

Бугунги кунда рақамли иқтисодиёт дунё мамлакатларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Жаҳон иқтисодиётида рақамли иқтисодиёт соҳасидаги лидерлик учун жиддий рақабот кетмоқда ва шу билан бирга айтиш лозимки, алоҳида мамлакатлар учун бундай ривожланишдан орқада қолиш мамлакат иқтисодиётини салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда, биринчи навбатда, унинг ўзига хос хусусиятлари ва норматив ҳуқуқий асосларини яратиш лозим бўлади. Рақамли иқтисодиётнинг асосини унинг стратегиясига амал қилган ҳолда, рақамли иқтисодиёт асосий ишлаб чиқариш омили рақамли шаклдаги маълумотлар бўлган, фуқаролар ва жамиятнинг сифатли ва ишончли маълумотлар олишга эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ахборот маконини шакллантириш, Ўзбекистон Республикаси ахборот инфратузилмасини ривожлантириш, миллий ахборот-телекоммуникация технологиялари яратиш ва қўллаш, шунингдек, ижтимоий ва иқтисодий соҳалар учун янги рақамли технологиялар асосида шакллантиришга хизмат қиладиган хўжалик юритиш фаолияти ифодалайди.

Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2016-2018 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида электрон тижоратни ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2015 йил 4 декабрдаги 353-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу қарорда қуйидагилар асосий вазифалар этиб белгиланди:

Ø  электрон тижорат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш;

Ø  келгусида ушбу бизнес-сегментда ривожланган мамлакатларга яқинлашган даражага эришишни назарда тутган ҳолда электрон тижорат соҳасида тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

Ø  электрон тижорат инфратузилмасини, шу жумладан, телекоммуникациялар тармоғини янада ривожлантириш ва модернизациялаш;

Ø  товар айланмасини, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш, истеъмол бозори талабига мувофиқ ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш;

Ø  интеграциялаштирилган савдо ва маркетинг платформалари, интернет-магазинлар, янада такомиллаштирилган тўлов тизимлари, шунингдек, электрон тижоратда логистика тизимини яратиш;

Ø  тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, халқаро стандартларга йўналтирган ҳолда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш;

Ø  электрон тижорат соҳасидаги илғор хорижий тажрибани ўрганиш, таҳлил қилиш ва қўллаш.

 Рақамли иқтисодиётни норматив тартибга солишнинг ҳозирги ҳолати рақамли иқтисодиётни эмас, анъанавий иқтисодиётни тартибга солишга таянади. Уларнинг қоидалари рақамли иқтисодиётга нисбатан қўлланиши мумкин бўлган (ва қўлланаётган) кўплаб ҳужжатлар тўплами мавжуд. Бунда рақамли иқтисодиётни тартибга солиш учун махсус яратилган ва унинг ўзига хосликларини акс эттирадиган алоҳида ҳужжатлар ҳам мавжуд, лекин уларнинг сони кўп эмас ва асосан, электрон ҳужжат айланма ва электрон савдога тааллуқли ҳисобланади.

Анъанавий иқтисодиёт ва рақамли иқтисодиёт учун норматив-ҳуқуқий тартибга солиш умумий манбалари сифатида Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги 2015 йил 9 декабрдаги ЎРҚ-395-сонли қонунига асосан:

ü  давлат органлари фаолиятининг самарадорлиги, тезкорлиги ва шаффофлигини таъминлаш, уларнинг масъулияти ва ижро интизомини кучайтириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ахборот алмашишни таъминлашнинг қўшимча механизмларини яратиш;

ü  ариза берувчилар учун мамлакатнинг бутун ҳудудида давлат органлари билан ўзаро муносабатларни электрон ҳукумат доирасида амалга ошириш бўйича имкониятлар яратиш;

ü  ўз зиммасига юклатилган вазифалар доирасида давлат органларининг маълумотлар базалари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва Электрон давлат хизматларининг ягона реестрини шакллантириш;

ü  аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда электрон ҳужжат айланиши, давлат органларининг ўзаро ҳамкорлиги ва уларнинг маълумотлар базалари ўртасида ахборот алмашинуви механизмларини шакллантириш ҳисобига давлат бошқаруви тизимида “бир дарча” принципини жорий этиш;

ü  тадбиркорлик субъектларини электрон ҳужжат айланишидан фойдаланишга, шу жумладан, статистика ҳисоботини тақдим этиш, божхона расмийлаштируви, лицензиялар, рухсатномалар, сертификатлар бериш жараёнларида, шунингдек, давлат органларидан ахборот олиш жараёнларида электрон ҳужжат айланишидан фойдаланишга ўтказиш;

ü  тадбиркорлик субъектларининг электрон тижорат, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали маҳсулотни сотиш ва харидларни амалга ошириш тизимларидан фойдаланишини, шунингдек, коммунал хизматларни ҳисобга олиш, назорат қилиш ва улар учун ҳақ тўлашнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этишни кенгайтириш;

ü  нақд бўлмаган электрон тўловлар, давлат харидларини амалга ошириш, масофадан фойдаланиш тизимлари ва банк-молия соҳасидаги фаолиятнинг бошқа электрон шаклларини ривожлантириш кўзда тутилган эди.

Ўзбекистон Республикаси савдо ҳақида қонунчилик ва уларнинг қонун-қоидалари рақамли иқтисодиётга нисбатан қўлланиши мумкин бўлган (ёки қўлланаётган) бошқа ҳужжатларда намоён бўлади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Электрон тижоратни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 14 майдаги ПҚ-3724-сонли қарори билан тижоратнинг тўлақонли бозорини яратишга, товарлар (хизматлар) ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарнинг ташқи бозорларга чиқишига, биринчидан, электрон тижорат соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг амалдаги тизимини соҳа тараққиётининг жадал суръатлардаги ўзгаришларига мос келтириш ва ўз навбатида, аҳоли кенг қатлами ва тадбиркорлик субъектлари учун электрон тижоратдан фойдаланиш имконини таъминлаш; иккинчидан, маҳаллий тадбиркорлик субъектларига ташқи бозорларда тўлиқ рақобатлашиш, электрон тижорат орқали товарлар (хизматлар)ни экспорт қилишнинг эскирган бюрократик тўсиқларига барҳам бериш; учинчидан, электрон тижоратни ривожлантиришга йўналтирилган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш жараёнини лозим даражада йўлга қўйиш; тўртинчидан, маҳаллий тўлов тизимларининг машҳур хорижий аналоглари билан интеграцияси, мамлакат тадбиркорлик субъектларининг электрон тижорат соҳасидаги етакчи хорижий ташкилотлар билан тўлиқ халқаро ҳамкорликда ишлашларига, шунингдек, маҳаллий бозорнинг экспорт салоҳияти ва рақобатбардошлигига таъсир қилиш; бешинчидан, электрон тижорат имкониятлари ва афзалликларини, жумладан, товарлар (хизматлар) учун, айниқса, жойларда нақд пулсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш, бу эса хуфиёна иқтисодиёт ҳажмининг ошиши ва давлат бюджетига солиқ тушумлари камайишининг олдини олади; олтинчидан, амалдаги солиққа тортиш тизими электрон тижорат соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари, жумладан, ахборот воситачилари фаолиятини кенгайтиришни рағбатлантиришни назарда тутган эди.

 Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни меъёрий тартибга солишнинг ҳолати илмий ҳамжамият томонидан танқидий баҳоланади. Ҳуқуқий тартибга солишнинг амалиёт эҳтиёжларидан яққол отрда қолиши кузатилмоқда, бунда вақт бўйича ортда қолиш тобора ортиб бормоқда. Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 3 июлдаги ПҚ-3832-сонли қарори билан иқтисодиётнинг рақамли секторини ривожлантириш борасида давлат томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилмоқда, электрон ҳужжат айланиши тизимлари жорий этилмоқда, электрон тўловлар ривожлантирилмоқда ва электрон тижорат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий база такомиллаштирилмоқда. Ахборот-технологик платформаларда фаолият кўрсатадиган рақамли иқтисодиёт жадал ривожланмоқда, бу эса шундай платформаларнинг янги моделларини яратиш заруратини тақозо этмоқда. “Блокчейн” технологиялари (маълумотларнинг тақсимланган реестри технологиялари), “сунъий ақл”, суперкомпьютерлар имкониятларидан фойдаланиш, шунингдек, крипто-активлар бўйича фаолият жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йўналишларидан бири ҳисобланади. “Блокчейн” технологиялари нафақат иқтисодиётнинг кўплаб секторларига, балки давлат бошқаруви тизими ва бошқа жамоатчилик муносабатларига аста-секин жорий этилмоқда.

 

Ўзбекистонда “блокчейн” технологияларини ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланиш соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда амалий иш кўникмаларига эга малакали кадрларни тайёрлаш; крипто-активлар бўйича фаолият ва “блокчейн” технологиялари соҳасида халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш, рақамли иқтисодиётда лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун “блокчейн” технологияларини ишлаб чиқиш соҳасида фаолият кўрсатадиган юқори малакали хорижлик мутахассисларни жалб қилиш; хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ҳисобга олган ҳолда “блокчейн” технологияларини жорий этиш учун зарур ҳуқуқий базани яратиш; рақамли иқтисодиётни янада ривожлантириш учун инновацион ғоялар, технологиялар ва ишланмаларни жорий этиш соҳасида давлат органлари ривожланмоқда.

Рақамли иқтисодиётни тартибга солиш бўйича янги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар. Охирги йилларда рақамли иқтисодиётни комплексли ва жадал (янги қонунчилик жорий қилиш умумий мезонлари бўйича) тартибга солиш ғояси устунлик қилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат бошқарувига рақамли иқтисодиёт, электрон ҳукумат ҳамда ахборот тизимларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги 2018 йил 13 декабрдаги ПФ-5598-сонли фармони рақамлаштиришни таъминлаш ва рақамли иқтисодиётга ўтишга тўсқинлик қилаётган қатор ҳал қилинмаган муаммо ва камчиликларни ҳал қилиш мақсадида давлат ахборот тизимларини ривожлантиришнинг ягона принципларини ишлаб чиқиш, “Электрон ҳукумат” тизими инфратузилмасини лозим даражада ривожлантириш, бу давлат хизматларини кўрсатиш ва идоралараро электрон ҳамкорлик қилишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллашга ўз таъсирини кўрсатмоқда.

“Электрон ҳукумат” тизимини жорий этишда таъсирчан мувофиқлаштирув ва ягона технологик ёндашув асосида ресурсларнинг оқилона фойдаланилишига олиб келиши ҳамда тадбирларнинг самарадорлиги ошишига қаратилди.

 

Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, “Электрон ҳукумат” тизимининг жорий этилишини таъминлаш, аҳоли, бизнес ва давлат ўртасида самарали ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш. Иқтисодиётни эркинлаштириш ва ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, иқтисодиёт тармоқларининг рақобатбардошлигини ошириш бўйича туб ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг барқарор, ижобий ўсишини таъминламоқда. Стратегик ривожланиш ҳужжатлари, янги қонунчилик ва бошқа меъёрий ҳужжатлар режалаштирилган ўзгаришлар учун асосий ғоя бўлиши лозим бўлиб, уларнинг бир қисми қабул қилинган, меъёрий ҳужжатларнинг бошқа қисмини ислоҳ қилиш, шунингдек, янги қонунлар қабул қилиш кўзда тутилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва иқтисодий сиёсат самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 8 январдаги ПФ-5614-сонли фармони республикамизда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, валюта бозорини эркинлаштириш, юқори ликвидли товарларни сотишнинг бозор усулларини жорий этиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар аҳолининг кенг қатламларини тадбиркорлик фаолиятига фаол жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар ҳамда иқтисодий ислоҳотларни изчил давом эттириш учун мустаҳкам замин яратди.

Иқтисодиёт тармоқларида чуқур таркибий ўзгартиришларни амалга ошириш, товарлар ва хизматларнинг сифатли бозорини шакллантирган ҳолда рақобатбардош бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнини жадаллаштириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш, давлат активларини бошқаришда бозор тамойилларини жорий этиш мамлакат иқтисодий тараққиётининг янги босқичида муҳим аҳамият касб этади. Мамлакат макроиқтисодий барқарорликни сақлаб туриш, самарали фискал сиёсатни юритиш, солиққа тортиш тизими ва солиқ маъмуриятчилигини тубдан ислоҳ қилиш; асосий ресурсларни тақсимлашда бозор тамойилларини кенг жорий қилиш асосида республиканинг рақобатбардош бозор иқтисодиётига ўтиши жараёнларини тезлаштириш; фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси ва уларга давлат хизматларини кўрсатиш тизимини мустаҳкамлаш, аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларини ҳимоя қилиш ҳажмлари ва турларини кўпайтириш; давлат бошқаруви тизими самарадорлигини янада ошириш, хусусий секторни ривожлантириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш; табиий бойликлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш, сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш, ирригация ва мелиорация тизимларини модернизация қилиш бўйича рақамли иқтисодиётни йўлга қўйиш назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рақамли иқтисодиёт ва “Электрон ҳукумат” тизими инфратузилмаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 18 майдаги ПҚ-4321-сонли қарори билан “Рақамли ишонч” рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан “UZINFOCOM давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор” МЧЖнинг устав капиталидаги давлат улушини камида 51 фоизга оширишни таъминлаш; “UZINFOCOM давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор” МЧЖ устав капиталидаги давлат улушини кейинчалик “Universal Mobile Systems” МЧЖга устав капиталини кўпайтириш кўзда тутилган эди.

“Электрон ҳукумат” ва рақамли иқтисодиёт тизимини ривожлантириш доирасида идоралараро ва идоравий ахборот тизимлари, маълумотлар базалари, дастурий маҳсулотларни яратиш ва жорий этиш бўйича қарорлар, буюртмачини мажбурий тарзда белгилаш, “Электрон ҳукумат” ва рақамли иқтисодиёт тизими доирасидаги лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида: давлат бошқарувида ахборот тизимларини жорий этиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг электрон ҳамкорлигини таъминлаш учун идоравий ва идоралараро маълумотлар узатиш тармоқларини ривожлантириш ва фаолият юритиш қисмида – Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги; давлат органлари ва бошқа ташкилотларда ахборот тизимларини назорат қилиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш қисмида – Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси; идоравий ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, электрон давлат хизматлари кўрсатиш тизимини ривожлантириш қисмида – вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар томонидан таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги 2020 йил 2 мартдаги ПФ-5953-сонли фармони билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати фаолиятида 2020 йилдан бошлаб фуқароларнинг Интернет тармоғидаги мурожаатлари асосида парламент ва депутат сўровларини шакллантириш, сайловчилар билан бевосита мулоқот қилиш мақсадида электрон портал ва мобил иловадан фойдаланиш имконини берувчи “Электрон парламент” тизими жорий этиш ва

Самарқанд вилояти халқ депутатлари Кенгашининг фаолиятини “намунали Кенгаш” сифатида йўлга қўйиш бўйича амалий ташкилий чора-тадбирлар кўрилади ҳамда маҳаллий вакиллик органлари фаолиятида Кенгаш сўрови институти жорий қилинади.

Дастурда рақамли иқтисодиёт унда асосий ишлаб чиқариш омили рақамли шаклдаги маълумотлар ҳисобланган ҳамда жамият ва фуқароларнинг сифатли ва ишончли маълумотлар олишга эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда ахборот маконини шакллантириш, ахборот инфратузилмасини ривожлантириш, Республика ахборот-телекоммуникация технологияларини яратиш ва қўллаш, шунингдек, ижтимоий ва иқтисодий соҳа учун янги технологик асослар шакллантиришга хизмат қиладиган хўжалик фаолияти сифатида тавсифланади.

 

Рақамли иқтисодиётнинг ривожланишини бошқариш учун “йўл харитаси” шакллантирилган бўлиб, у ҳар бир асосий йўналиш бўйича дастурнинг мақсадлари ва асосий вазифалари тавсифидан иборат бўлади, шунингдек, уларга эришиш муддатини белгилаб беради. Ҳукумат дастури ҳақиқатда бажарилган ҳолатда ўзгаришларнинг ижобий томони, энг аввало, давлат органлари учун очиқ бўлган катта маълумотларни жипслаштириш ва бошқаришни марказлаштириш даражасини оширишдан иборат. Бизнес учун (энг аввало, йирик бизнес учун, чунки бу борада унинг имкониятлари кўпроқ) Дастур ва Режага киритилган имтиёзлар олиш ва маълумотлар тўпламига уланишни кенгайтириш ҳисобига маълум бир (жумладан, иқтисодий) фойда ҳам кузатилади.

Давлат томонидан иқтисодиётнинг рақамли секторини ривожлантириш бўйича кенг кўламли чоралар кўрилмоқда, электрон ҳужжат айланмаси тизими жорий қилинмоқда, электрон тўловлар ривожлантирилмоқда ва электрон тижорат соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий база такомиллаштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 28 апрелдаги ПҚ-4699-сонли қарори асосида 2023 йилга келиб, рақамли иқтисодиётнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улушини 2 бараварга кўпайтиришни назарда тутган ҳолда, шу жумладан, ишлаб чиқаришни бошқаришда ахборот тизимлари комплексини жорий қилиш, молиявий хўжалик фаолиятида ҳисобот юритишда дастурий маҳсулотлардан кенг фойдаланиш, шунингдек, технологик жараёнларни автоматлаштириш орқали уни жадал шакллантириш;

2020-2021 йилларда барча соғлиқни сақлаш муассасалари, мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотларини, шунингдек, қишлоқлар ва маҳаллаларни юқори тезликдаги Интернет тармоғига улаш ҳамда алоқа хизматлари сифатини оширишни кўзда тутган ҳолда мамлакатнинг рақамли инфратузилмасини тўлиқ модернизация қилиш ва замонавий телекоммуникация хизматларидан барча ҳудудларда фойдаланиш имкониятини таъминлаш;

2022 йилга қадар электрон давлат хизматлари улушини 60 фоизгача етказишни назарда тутган ҳолда давлат ахборот тизимлари ва ресурсларини яратиш ҳамда интеграция қилиш, давлат маълумотлар базаларидаги ахборотларни унификация қилиш, шунингдек, давлат хизматларини кўрсатиш тартиботларини оптималлаштириш ва тартибга солиш орқали электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш;

дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва технологик майдончалар яратиш орқали “рақамли тадбиркорлик”ни ривожлантириш, 2023 йилга келиб, ушбу соҳадаги хизматлар ҳажмини 3 бараварга ошириш ва уларнинг экспортини 100 миллион долларга етказиш;

таълим тизимининг барча босқичларида рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва замонавий иқтисодиёт учун зарур бўлган рақамли билимларнинг даражасини ошириш, таълим инфратузилмасини такомиллаштириш, шунингдек, “Беш ташаббус” лойиҳасини амалга ошириш доирасида 2022 йилга қадар республиканинг барча ҳудудларида рақамли билимларга ўқитиш марказларини очиш мақсадида “Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази” ва “Рақамли иқтисодиёт тадқиқотлари маркази”лари ташкил этилади.

Рақамли иқтисодиёт даврида ҳуқуқий хавфсизлик даражасини баҳолашда қуйидаги соҳаларда ҳуқуқий вазиятни ҳисобга олиш зарур:

Ø рақамли иқтисодиёт халқаро ҳуқуқи, уни мамлакатда ва хорижда қўллаш амалиёти;

Ø рақамли иқтисодиёт миллий ҳуқуқи ва уни қўллаш амалиёти;

Ø рақамли иқтисодиётни давлат томонидан бошқариш ваколатли органлари иши;

Ø рақамли иқтисодиёт давлат ва хусусий аппарат конструкциялари, жумладан, булутли сервислар архитектураси;

Ø қўлланадиган рақамли иқтисодиёт маҳсулотлари, жумладан, булутли сервисларда;

Ø рақамли иқтисодиётда фуқаролар, жамият ва бизнеснинг рақамли платформалари;

Ø рақамли иқтисодиёт бўйича миллий ва минтақавий ахборот ресурслари;

Ø давлат амалдорлари, олимлар ва амалиётчи мутахассислар мулоқоти ихтисослашган форумлари; ҳозирги кунда йўл бошида мамлакатга саноатчи ва тадбикорлар иттифоқи, Европа бизнес ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси юристлар ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси корпоратив юристлар ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси директорлар АТ кенгаши, истисносиз барча интеграл, тармоқ ва минтақавий тадбиркорлар бирлашмаларидан профессионаллар ва илм-фаннинг танқидий овози зарур;

Ø рақамли иқтисодиёт учун техник, ҳуқуқий ва бошқарув таълим тизимлари ва ҳ.к.

 



[1] www.itu.int – Халкаро электроалоқа иттифоқининг расмий сайти ва МcКinsey & Compаny аnаlysis компаниясининг маълумотлари асосида тайёрланган.

[2].Deloittes.2019 Global Blockchain Survey.https: // www. 2. deloitte.com/content/dam/Deloitte/se/Documents/risk/ DI.2019.

[3] Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси. // “Халқ сўзигазетаси. 2018 йил 29 декабрь.